Ёқутистонда иш излаётган мигрантлар қайси соҳаларда юқори маош олиши мумкин?

Росстат маълумотларига кўра, 2026-йилнинг июн ойида Ёқутистон Республикасида ўртача ойлик иш ҳақи 155,8 минг рублни ташкил этди. Бу кўрсаткич Россия бўйича ўртача ойлик иш ҳақидан (114,7 минг рубл) сезиларли даражада юқори бўлиб, минтақани мамлакатдаги энг юқори маош тўланадиган 9 та ҳудуд қаторига киритди.
Ёқутистондаги меҳнат бозори таҳлили шуни кўрсатадики, энг юқори даромадли соҳалар қаторида фойдали қазилмаларни қазиб олиш (212 минг рубл), транспорт ва сақлаш (172,5 минг рубл) ҳамда профессионал, илмий ва техник фаолият (164,5 минг рубл) етакчилик қилмоқда. Шунингдек, қурилиш соҳасида ўртача иш ҳақи 157,7 минг рублни, молия ва суғурта соҳасида эса 154,4 минг рублни ташкил этган.
Таъкидлаш жоизки, минтақадаги барча соҳаларда ҳам маошлар бир хил эмас. Хусусан, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги соҳаларида ўртача иш ҳақи 78,6 минг рубл атрофида қайд этилган. Иш излаётган мигрантлар учун ушбу статистик маълумотлар минтақадаги иқтисодий вазиятни баҳолаш ва иш танлашда муҳим қўлланма бўлиши мумкин.
Маълумот учун, Россияда ўртача иш ҳақи 150 минг рублдан юқори бўлган бошқа ҳудудлар қаторига Чукотка, Магадан, Ямало-Ненец, Ненецк мухтор округлари, Москва шаҳри, Сахалин, Камчатка ва Ханти-Мансийск мухтор округлари ҳам киради.








