Ўзбекистон делегацияси Санкт-Петербургда ҳамюртларимизни ишга жойлаштириш масаласини муҳокама қилди

8-сентябр куни Ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Санкт-Петербург шаҳрида Россиянинг йирик иш берувчи корхоналари ва соҳа вакиллари билан учрашув ўтказди.
Музокараларда Халқаро меҳнат миграциясига кўмаклашиш ассоциацияси президенти Елена Демина ҳамда Россиянинг “Мастер Принт”, “Шопен”, “Инжиниринг СВ”, “Макароника”, “БФА” ва “Авангард” каби етакчи компаниялари вакиллари иштирок этди.
Учрашувнинг асосий мавзуси Ўзбекистон фуқароларини Россия корхоналарига уюшган ҳолда жалб қилиш ҳамда улар учун қулай ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратишдан иборат бўлди. Мулоқот давомида мазкур компанияларда 1 000 дан ортиқ бўш иш ўринлари мавжудлиги аниқланди.
Томонлар мавжуд вакансиялар бўйича номзодларни саралаб олиш, уларни касб-ҳунарга тайёрлаш ва хавфсиз ишга жойлаштириш механизмларини келишиб олдилар. Шунингдек, ўзбекистонлик вакиллар Халқаро меҳнат миграцияси маркази фаолияти ва у ерда хорижий ишчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар.








