SOS
Меҳнат

Челябинскда КХДРлик ишчилар билан имо-ишора орқали мулоқот қилинмоқда

Челябинскда КХДРлик ишчилар билан имо-ишора орқали мулоқот қилинмоқда

Челябинскдаги «Южуралкондитер» қандолат фабрикасида Шимолий Кореядан келган ишчилар фаолият юрита бошлади. Корхона сехларида айни вақтда 150 нафарга яқин хорижлик аёллар меҳнат қилмоқда. Улар асосан тозалаш ишлари ва маҳсулотларни қадоқлаш жараёнларига жалб қилинган.

Иш жараёнида тил тўсиғи мавжудлиги кузатилмоқда: хорижлик ишчилар рус ёки инглиз тилларини билмайди, мулоқот асосан имо-ишоралар ва махсус таржимонлар орқали амалга оширилади. Ишчилар корхонага махсус автобусларда олиб келинади ва саноат зонасидаги ётоқхонада истиқомат қилади.

Кадрлар бўйича експертларнинг фикрича, Россия корхоналари сўнгги вақтларда Ҳиндистон, Бангладеш, Шри-Ланка ва Шимолий Корея каби давлатлардан ишчи кучини жалб қилиш амалиётини фаоллаштирмоқда. Бунга асосий сабаб сифатида маҳаллий бозорда етишмаётган ишчи кучини тўлдириш ва харажатларни оптималлаштириш истаги кўрсатилмоқда.

Бироқ, хорижлик ходимларни ёллаш ҳар доим ҳам кутилган иқтисодий натижани бермаслиги мумкин. Мутахассислар ишчиларни мослаштириш, тил ўргатиш ва маъмурий ҳужжатларни расмийлаштириш билан боғлиқ қўшимча харажатлар бизнес учун қийинчилик туғдириши мумкинлигини таъкидлашади. Шу сабабли, кўплаб компаниялар кадрлар билан боғлиқ жараёнларни аутсорсинг компаниялари орқали амалга оширишни афзал кўрмоқда.

02.09.20267