Тюменда 7 нафар хорижлик миграция қонунларини бузгани учун жавобгарликка тортилди

Тюмен вилояти ИИБ ходимлари миграция қонунчилигига риоя этилишини назорат қилиш мақсадида шаҳардаги ётоқхоналардан бирида текширув ўтказди. Рейдда миграция бўлими ходимлари, участка нозирлари, шунингдек, Россия Тергов қўмитаси ва Миллий гвардия вакиллари иштирок этди.
Текширув натижаларига кўра, 7 та қонунбузарлик ҳолати аниқланди. Беш нафар хорижлик Россияда бўлиш қоидаларини бузгани учун маъмурий жавобгарликка тортилди. Яна бир шахсга нисбатан мажбурий тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлашгани учун маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Шунингдек, қонунбузарлик содир этган яна бир хорижлик фуқарога нисбатан тўпланган ҳужжатлар судга юборилди. Суд унинг Россия ҳудудидан маъмурий тартибда чиқариб юборилиши масаласини кўриб чиқади.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар Тюмен вилоятида миграция соҳасидаги қонунбузарликларни аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар давом этишини маълум қилди.








