Тюмен вилоятида миграция қонунчилигини бузган 31 нафар чет эл фуқароси Россиядан мажбурий равишда чиқариб юборилди

Россия ИИВнинг Тюмен вилояти бўйича бош бошқармаси хорижий фуқароларни вақтинчалик сақлаш маркази ходимлари миграция тартибини бузган 31 нафар чет эл фуқаросини мамлакат ҳудудидан мажбурий равишда чиқариб юбориш учун суд ижрочилари хизматига топширди.
«Ушбу фуқаролар миграция қонунчилигини бузганликлари сабабли уларга жарима ҳамда Россиядан мажбурий равишда чиқариб юбориш жазоси тайинланган. Суд ижрочилари ушбу шахсларни ўз ватанларига жўнатиш учун давлат чегарасидаги ўтказиш пунктигача кузатиб боради», — дейилади идора матбуот хизмати хабарида.
Вазирлик ҳудудда миграция қонунчилигига риоя этилишини назорат қилиш бўйича рейдлар мунтазам равишда ўтказилишини эслатиб ўтди. Хусусан, навбатдаги текширувлардан сўнг яна олти кишини депортация қилиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Аввалроқ, чет элликларни ўз хонадонига ноқонуний равишда рўйхатга қўйган тюменлик фуқаронинг уйи мусодара қилиниши ҳақида хабар берилган эди.








