Россияда ноқонуний ишлаган 8 нафар хорижлик 5 йилга депортация қилинади

Забайкалье ўлкасининг Краснокаменск шаҳри яқинида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан ноқонуний меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган хорижликлар гуруҳи аниқланди. Текширув давомида 8 нафар чет эл фуқароси далада доривор ўсимликларни йиғиш билан шуғулланаётгани маълум бўлди.
Аниқланишича, ушбу шахслар Россия Федерациясига туристик мақсадларда кириб келган, бироқ амалда маҳаллий аҳоли вакили томонидан ёлланиб, меҳнат фаолиятини олиб борган. Россия ИИВнинг Краснокаменск бўлими ходимлари томонидан ушбу ҳолат юзасидан текширув ўтказилди.
Қонунбузарлик содир этган ҳар бир хориж фуқаросига нисбатан Россия Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексининг 18.10-моддаси (меҳнат фаолиятини рухсатсиз амалга ошириш) бўйича баённома тузилди. Шунингдек, уларни ноқонуний ишга ёллаган Забайкалье ўлкаси фуқароси ҳам тегишли тартибда маъмурий жавобгарликка тортилди.
Миграция қонунчилигини бузган хорижликларга нисбатан Россия ҳудудидан маъмурий чиқариб юбориш чораси қўлланилади. Ушбу қарорга кўра, улар келгуси беш йил давомида Россия Федерациясига қайта кириш ҳуқуқидан маҳрум этилади.








