Москва вилоятида 109 нафар мигрант ушланди: уларни депортация кутмоқда

Москва вилоятининг Дмитров шаҳар округида ўтказилган «Нелегал-2026» профилактик тадбирлари давомида миграция қонунчилигига риоя этилиши текширилди. Россия ИИВнинг «Дмитровское» бошқармаси ходимлари қишлоқ хўжалиги ва қурилиш объектлари, омборхоналар ҳамда мигрантлар кўп тўпланадиган жойларда рейдлар ўтказди.
Текширувлар натижасида 109 нафар хорижлик фуқаро ички ишлар органларига олиб келинди. Уларнинг 82 нафарига Россияда бўлиш тартибини бузгани (Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекснинг 18.8-моддаси), 18 нафарига эса ноқонуний меҳнат фаолияти билан шуғуллангани (18.10-модда) учун баённомалар расмийлаштирилди. Яна 9 киши маъмурий жазоларни бажармасликда айбланиб, жавобгарликка тортилди.
Ҳар бир ҳуқуқбузарга 5 минг рубль миқдорида жарима солинди. Аниқланган 109 нафар шахсдан 100 нафари Россиядан назорат остида мустақил равишда чиқиб кетиш мажбурияти билан мамлакатдан чиқариб юборилмоқда. Қолган 9 нафар шахс эса мажбурий депортация қилиш учун вақтинчалик сақлаш марказига жойлаштирилди.
Ушбу ҳолат мигрантларнинг ҳужжатлари, жумладан, рўйхатдан ўтиш ва ишлаш учун рухсатномалари доимо тартибда бўлиши муҳимлигини яна бир бор эслатади. Қонунчилик талабларини бузиш нафақат жарима, балки мамлакат ҳудудидан чиқариб юборилиши ва келгусида Россияга кириш тақиқланишига сабаб бўлиши мумкин.








