Россияда мигрантлар ҳақидаги изоҳ учун 10 минг рубль жарима белгиланди

Россиянинг Ростов-Дон шаҳрида маҳаллий суд фуқарони ижтимоий тармоқларда мигрантлар ҳақида қолдирган изоҳи учун жавобгарликка тортди. Суд қарорига кўра, аёл “нафрат ва адоват қўзғатиш” моддаси бўйича айбдор деб топилган.
Воқеага аёлнинг минтақавий янгиликлардан бири остида ёзган ҳиссиётли изоҳи сабаб бўлган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ушбу ёзув юзасидан экспертиза ўтказиб, унда қонунбузарлик аломатлари борлигини аниқлаган. Натижада суд аёлга 10 минг рубль миқдорида жарима жазосини тайинлади.
Маълум қилинишича, суд жараёнида аёлнинг оилавий шароити, хусусан, ўғлининг ҳарбий амалиётда ҳалок бўлгани инобатга олинган. Бу ҳолат жарима миқдорининг камайтирилишига таъсир кўрсатган. Шунингдек, жарима суммаси жамоатчилик кўмаги билан тўлаб берилгани қайд этилган.
Ушбу ҳолат Россияда интернетдаги чиқишлар, жумладан, миллатлараро муносабатларга оид кескин фикрлар учун қонуний жавобгарлик мавжудлигини яна бир бор эслатиб ўтади. Ҳуқуқшунослар ижтимоий тармоқларда изоҳ ёзишда қонунчилик талабларига риоя қилиш муҳимлигини таъкидлашади.








