SOS
Жиноят

Интернетда радикал мазмундаги материалларни улашиш 10 йиллик қамоқ жазосига сабаб бўлди

Интернетда радикал мазмундаги материалларни улашиш 10 йиллик қамоқ жазосига сабаб бўлди

Санкт-Петербургдаги 1-Ғарбий округ ҳарбий суди Саидамин Рузиқуловга нисбатан ҳукм чиқарди. У интернетда тақиқланган ташкилотлар фаолиятини оқлаш ва уларга чақириқлар акс этган видеолавҳани тарқатганликда айбдор деб топилди.

Суд материалларига кўра, 2021-йил октябр ойида Карелияда бўлган Рузиқулов ижтимоий тармоқларда радикал мазмундаги чиқишни жойлаштирган. Ушбу ҳаракат Россия Жиноят кодексининг 205.2-моддаси 2-қисми (терроризмни оммавий оқлаш ва унга чақириқлар) бўйича жиноят деб баҳоланди.

Суд қарори билан айбланувчи 10 йил муддатга қатъий тартибли колонияга ҳукм қилинди. Ушбу жазо аввалги суд ҳукми билан жамланган ҳолда тайинланди. Шунингдек, суд Рузиқуловга икки йил давомида интернет-ресурслар ва каналларни бошқаришни тақиқлади.

Мутахассислар интернет тармоғида шубҳали материалларни тарқатиш, уларга "лайк" босиш ёки улашиш қонунчиликка кўра жиддий ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини эслатиб ўтишади. Россия ҳудудида фаолияти тақиқланган ташкилотлар рўйхати билан танишиб чиқиш ва интернетдаги хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш тавсия этилади.

08.09.20266