Москвада жиноят содир этган хорижлик фуқаро ҳибсга олинди

Москва шаҳрининг Войковский туманида 18 ёшли қизга нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этганликда гумон қилинган 40 ёшли хорижлик фуқаро қўлга олинди. Воқеа Ленинград шоссесидаги жамоат транспорти бекатларидан бирида юз берган.
Тергов маълумотларига кўра, маст ҳолатдаги эркак ўзини ҳуқуқ-тартибот органи ходими деб таништириб, қиздан ҳужжатларини талаб қилган. Қиз рад жавобини бергач, гумонланувчи уни таъқиб қилиб, қаровсиз жойда калтаклаган ва жинсий тажовуз қилишга уринган. Жабрланувчи фаол қаршилик кўрсатиб, воқеа жойидан қочишга муваффақ бўлган.
Россия Тергов қўмитаси хабарига кўра, қўлга олинган шахсга нисбатан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган. Суд қарори билан гумонланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси танланган.
Бундан ташқари, эркак Россияда бўлиш қоидаларини бузгани учун маъмурий жавобгарликка тортилган ва унга 5 минг рубль миқдорида жарима солинган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.








