SOS
Жиноят

Россияда фирибгарлар мигрантларнинг жиноят ишини «ёпиб бериш»ни ваъда қилмоқда

Россияда фирибгарлар мигрантларнинг жиноят ишини «ёпиб бериш»ни ваъда қилмоқда

Новосибирск вилояти бўйича Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) бошқармаси ходимлари фирибгарликда гумон қилинган 52 ёшли маҳаллий фуқарони қўлга олди. Тергов маълумотларига кўра, гумонланувчи ўзини ФХХ ходими деб таништириб, ноқонуний миграцияни ташкил этишда айбланиб, уй қамоғида ўтирган 45 ёшли хорижлик фуқародан пул талаб қилган.

Фирибгар ўзининг «юқори лавозимли танишлари» орқали хорижлик мигрантга нисбатан очилган жиноят ишини ёпиб беришни ваъда қилган. У ўзининг бу «хизмати» учун 2,5 миллион рубль сўраган. Гумонланувчи пулнинг биринчи қисми — 1,5 миллион рублни олаётган вақтда ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўлга олинган.

Россия Тергов қўмитасининг Новосибирск вилояти бўйича бошқармаси томонидан фирибгарлик моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда гумонланувчига нисбатан уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган бўлиб, унга 7 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланиши мумкин.

Ушбу ҳолат мигрантларни огоҳликка чақиради. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари номидан иш кўриб, муаммоли вазиятларни пул эвазига ҳал қилишни таклиф қилаётган шахслар фирибгар бўлиши мумкинлигини ёдда тутиш лозим. Ҳар қандай шубҳали таклифлар юзасидан расмий идораларга мурожаат қилиш тавсия этилади.

11.09.20260