Ёқутистонда чет еллик талаба қизлар учун ҳомиладорлик нафақалари берилади

Ёқутистон Республикасида талаба қизлар учун ҳомиладорлик ва туғруқ таътили бўйича тўловларни ҳисоблаш тартиби ўзгарди. Ендиликда ушбу маблағлар ўқув юртларидаги стипендия миқдорига емас, балки минтақадаги меҳнатга лаёқатли аҳоли учун белгиланган яшаш минимумига боғланди. Тўловларни амалга ошириш ваколати олий ва ўрта махсус таълим муассасаларидан Россия Сотсиал жамғармасига ўтказилди.
Ушбу янги тартиб нафақат Россия фуқаролари, балки Россияда доимий яшовчи хорижий фуқаро бўлган талаба қизларга ҳам татбиқ етилади. Нафақани кундузги таълим шаклида ўқийдиган (бюджет ёки контракт асосида) талабалар, жумладан, коллеж ва техникум ўқувчилари олишлари мумкин.
Ҳисоблаш механизмининг ўзгариши тўловлар миқдорини сезиларли даражада оширди. Масалан, стандарт ҳомиладорлик ҳолатида (140 кун) тўловлар ҳудудий зонага қараб 142 562 рублдан 170 198 рублгача, кўп ҳомилали ҳомиладорликда еса 235 845 рублгача етиши мумкин. 2026-йил учун Ёқутистонда меҳнатга лаёқатли аҳоли учун яшаш минимуми 30 549 рубл етиб белгиланган.
Нафақани расмийлаштириш учун ҳомиладорлик ва туғруқ таътили тугаганидан кейин олти ой ичида мурожаат қилиш лозим. Ҳужжатларни “Госуслуги” портали, кўп функсияли марказлар (МФС) ёки Сотсиал жамғарманинг мижозлар хизмати орқали топшириш мумкин. Ариза бериш учун ўқиш жойидан маълумотнома ва електрон касаллик варақаси талаб етилади.








