SOS
Сиёсат

Россияда мигрантлар учун янги тартиблар: назорат кучайиб, ташкилий ёллаш жорий этилади

Россияда мигрантлар учун янги тартиблар: назорат кучайиб, ташкилий ёллаш жорий этилади

Москвада Россия Федерациясининг миграция сиёсати масалаларига бағишланган йиллик йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Россия ИИВ раҳбарияти ва ҳудудий миграция бўлинмалари вакиллари иштирок этиб, соҳадаги келгуси ўзгаришларни муҳокама қилдилар.

Йиғилишда таъкидланишича, Россия ҳукумати хорижлик ишчиларни жалб қилишда «ташкилий ёллаш» механизмини жорий этишни режалаштирмоқда. Бу тизим иш берувчиларнинг қонуний талабларга риоя этишини таъминлаш ҳамда мигрантлар ва маҳаллий аҳоли ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган. Шунингдек, мамлакатда ишламайдиган мигрантлар оила аъзолари сонини қисқартириш масаласи ҳам кун тартибига қўйилди.

Назоратни кучайтириш мақсадида сунъий интеллектга асосланган янги таҳлилий марказ ишга туширилади. У турли манбалардан олинган маълумотларни бирлаштириб, ноқонуний қонунийлаштириш схемалари, жумладан, интернет ва давлат хизматлари портали орқали содир этиладиган қоидабузарликларни аниқлашга ёрдам беради.

Бундан ташқари, транспорт тугунларида миграция назорати пунктлари кўпайтирилади. Расмийлар ноқонуний воситачилик, навбатларни сотиш ва коррупция ҳолатларига қарши курашни кучайтиришни режалаштирмоқда. Ушбу чора-тадбирлар Россияда меҳнат фаолиятини юритаётган хорижлик фуқаролар учун ҳужжатларни расмийлаштириш ва назорат тартибларининг янада қатъийлашишини англатади.

11.09.20263