Россияда мигрантлар фарзандларининг боғча ва мактабга кириши қийинлашиши мумкин

Россия Либерал-демократик партияси (ЛДПР) вакиллари Россия фуқаролигига ега болаларнинг боғча ва мактабларга қабул қилинишида устуворликни қонуний белгилаш ташаббуси билан чиқди. Бу таклиф Россия Таълим вазирлигига йўлланган расмий мурожаатда ўз аксини топган.
Депутатлар ушбу қадамни таълим муассасаларидаги ўринлар танқислигини камайтириш ҳамда Россия фуқаролари бўлган оилалар учун қулайлик яратиш зарурати билан изоҳламоқда. Мурожаатда таъкидланишича, 2024-йилда қарийб 13 мингга яқин бола мактабгача таълим муассасаларига жойлаша олмаган.
ЛДПР вакиллари хорижлик фуқароларнинг фарзандлари учун мавжуд бўлган айрим имтиёзларни қайта кўриб чиқишни таклиф қилмоқда. Уларнинг фикрича, хорижликларнинг фарзандлари фақатгина таълим муассасаларида бўш ўринлар қолган тақдирдагина қабул қилиниши керак. Ушбу ташаббус қабул қилинган тақдирда, мигрантлар фарзандларини давлат боғча ва мактабларига жойлаштиришда қийинчиликларга дуч келиши мумкин.
Ҳозирги вақтда ушбу таклиф фақатгина қонунчилик ташаббуси босқичида бўлиб, у ҳали расмий қонун мақомини олмаган. Россияда ишлаётган ўзбекистонлик мигрантлар фарзандларининг таълим олиши билан боғлиқ тартиб-қоидалардаги ҳар қандай ўзгаришларни кузатиб боришлари тавсия етилади.








