SOS
Сиёсат

Москва меҳнат бозорида мигрантларга эҳтиёж сақланиб қолмоқда

Москва меҳнат бозорида мигрантларга эҳтиёж сақланиб қолмоқда

Москва шаҳри иқтисодиёти ва кундалик ҳаётини мигрантлар иштирокисиз тасаввур этиш қийин. Шаҳар инфратузилмаси, хусусан, қурилиш, уй-жой коммунал хўжалиги, курьерлик хизматлари ва умумий овқатланиш соҳалари хорижлик ишчиларга юқори даражада муҳтож. "Rahmat.ru" платформаси бош муҳаррири Сергей Вилковнинг қайд этишича, миграция қонунчилиги кучайтирилганига қарамай, пойтахтда ишчи кучига бўлган талаб пасаймаяпти.

2026-йилнинг биринчи ярмида Россия бўйлаб меҳнат мигрантлари сони қарийб 10 фоизга қисқариб, 5,7 миллион кишини ташкил этди. Шу билан бирга, қурилиш соҳасида хорижликлар сони ўтган ўн йилликдаги ўртача кўрсаткичдан 5 фоизга кўпайган. Ҳозирда Россия бозорида меҳнат қилаётган патентли хорижликларнинг 99 фоизи Ўзбекистон, Тожикистон ва Озарбайжон фуқароларидир.

Иқтисодий таҳлилларга кўра, 2032-йилга бориб Россия иқтисодиётига 12 миллионга яқин янги ишчи кучи талаб этилади. Мутахассислар узоқ хориж давлатларидан (Ҳиндистон, Покистон, КХДР ва бошқалар) ишчиларни жалб этиш жараёни мураккаб ва қимматга тушишини, тил тўсиғи ҳамда ўқитиш харажатлари сабабли Марказий Осиёдан келган ишчилар ўз ўрнини сақлаб қолишини таъкидламоқда.

Расмий статистикaга кўра, хорижликлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар уларнинг умумий аҳоли сонидаги улушидан сезиларли даражада паст. Давлат сиёсати мигрантларни мамлакатдан чиқариб юборишдан кўра, уларни иқтисодиётнинг энг зарур тармоқларига йўналтиришга қаратилган. Шу сабабли, Москва ва унинг атрофидаги ҳудудларда қурилиш, омборхона ва ишлаб чиқариш соҳаларида хорижликлар учун иш ўринлари очиқ қолмоқда.

11.09.20261