SOS
Меҳнат

Свердловск вилоятида хорижлик шифокорлар учун қандай ўқиш ва ишлаш имкониятлари мавжуд?

Свердловск вилоятида хорижлик шифокорлар учун қандай ўқиш ва ишлаш имкониятлари мавжуд?

Свердловск вилояти Соғлиқни сақлаш вазирлиги хорижлик тиббиёт мутахассислари учун ҳудудда ишлаш ва малака ошириш шартларини маълум қилди. Унга кўра, давлат тиббиёт ташкилотларида ишлаётган хорижлик шифокорлар федерал ва минтақавий қонунчиликда назарда тутилган ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларидан, жумладан, "Земский доктор" ёки "Земский фельдшер" дастурларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Таълим олиш масаласида Россия Федерацияси Ҳукуматининг 2024-йил 27-апрелдаги 555-сонли қарорига биноан, хорижликлар билан мақсадли таълим шартномаларини тузиш назарда тутилмаган. Бироқ, улар учун пуллик асосда шартнома асосида ўқиш ёки хорижлик талабалар учун ажратилган квоталардан фойдаланиш имконияти мавжуд. Шунингдек, 2017-йил 21-декабрдаги 970-ПП-сонли минтақавий қарорга мувофиқ, хорижликлар вилоят бюджети ҳисобидан мутахассислик ва ординатура дастурлари бўйича таълим олишлари мумкин. Бунинг учун номзод, вазирлик, олий ўқув юрти ва тиббиёт муассасаси ўртасида тўрт томонлама шартнома тузилиши ҳамда номзодда тегишли таълим даражаси бўлиши талаб этилади.

Ўқишга кириш жараёни очиқ танлов асосида, яъни Ягона давлат имтиҳони (ЕГЭ) ёки ички имтиҳон натижаларига кўра амалга оширилади. Шу сабабли, соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан хорижлик кадрларни жалб қилиш бўйича махсус режа ёки квоталар белгиланмаган. Мутахассисларнинг мослашуви, жумладан, рус тили ва тиббий терминологияни ўрганиш масалалари бевосита иш жойидаги тиббиёт ташкилотлари томонидан ҳал этилади.

Дипломни нострификация қилиш (тан олиш), касбий аккредитациядан ўтиш ва иш стажини тасдиқлаш тартиблари федерал қонунчилик билан тартибга солинади. Минтақавий вазирлик бу жараёнда фақат услубий кўмак бериш билан чекланади. Хорижлик ходимлар билан меҳнат шартномаларини бекор қилиш эса Россия Федерацияси Меҳнат кодексида белгиланган умумий асосларга кўра амалга оширилади.

11.11.20264