Россияда юқори малакали ўзбекистонлик мутахассисларга талаб ва уларнинг сони ортди

Россия Федерациясида юқори малакали хорижий мутахассисларни (ВКС) жалб қилиш тенденцияси кучаймоқда. Россия ИИВ маълумотларига кўра, 2025-yilda ўзбекистонлик юқори малакали мутахассислар улуши сезиларли даражада ошиб, 3 фоиздан кўпроқни ташкил этди. Таққослаш учун, 2024-yilda бу кўрсаткич 1 фоиздан камроқ бўлган, яъни бир йил ичида уларнинг сони беш баробарга кўпайган.
Россия компаниялари орасида муҳандислик, ахборот технологиялари (IT), шунингдек, фан ва таълим соҳасидаги кадрларга талаб юқори бўлиб қолмоқда. Кадрлар танқислиги шароитида иш берувчилар хорижий мутахассисларни жалб қилиш географиясини кенгайтирмоқда. Ҳозирги кунда Россияда ишлаётган юқори малакали хорижликларнинг умумий сони 85 минг кишига етиб, сўнгги ўн йилликдаги рекорд натижани қайд этди.
Экспертларнинг таъкидлашича, мазкур ўзгаришлар Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий алоқаларнинг мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради. Бундай мутахассисларнинг Россия иқтисодиётига қўшаётган ҳиссаси ҳам сезиларли: 2022-йилдан 2024-йилгача бўлган даврда улар томонидан тўланган даромад солиғи (НДФЛ) 81 миллиард рублдан ошган.
Мутахассислар фикрича, юқори малакали мигрантлар оқимининг ўсиши яқин икки-уч йил ичида давом этадиган барқарор тенденцияга айланади. Бу жараён нафақат Россия саноат ривожланишини рағбатлантиради, балки кадрлар тақчиллигини қоплашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.








