Россияда курьерларнинг ойлик маоши 125 минг рублгача ошди

Россия меҳнат бозорида курьерлар энг юқори маош олувчи операцион ходимлар тоифасига айланди. Россия Реклама индустрияси таҳлилий маркази маълумотларига кўра, 2026-йилнинг иккинчи чорагида курьерлар учун таклиф этилаётган медиан ойлик маош 125 550 рублни ташкил этган. Бу ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан 23 фоизга кўпдир.
Маошларнинг ошишига асосий сабаб сифатида ушбу соҳада ишчи кучининг етишмаслиги кўрсатилмоқда. Хусусан, курьерлик хизматига бўлган талаб юқори бўлишига қарамай, иш берувчилар ходимларни ушлаб қолиш учун тўлов ставкаларини оширишга мажбур бўлмоқда. Москва шаҳрида курьерларнинг ўртача ойлик даромади 140 000 рублгача етган.
Мутахассисларнинг қайд этишича, курьерлик соҳаси жисмоний ва руҳий жиҳатдан оғир иш ҳисобланади. Шунингдек, бозор тобора мослашувчан ва вақтинчалик бандлик шаклларига ўтаётгани сабабли, компаниялар ходимларни жалб қилиш учун рақобатбардош шароитлар яратишга ҳаракат қилмоқда. Курьерлар даромади кўп жиҳатдан бажарилган буюртмалар сони ва иш интенсивлигига боғлиқ.
Экспертлар фикрича, 2026-йил охиригача операцион ходимлар, жумладан, курьерлар маошининг ўсиш тенденцияси сақланиб қолади, бироқ ўсиш суръатлари секинлашиши мумкин. Электрон тижорат ва логистика тармоқларида буюртмалар ҳажмининг ортиши курьерларга бўлган талабни келгусида ҳам юқори даражада ушлаб туриши кутилмоқда.








