Кореяга ишга борувчилар учун 2000 долларлик жарима бекор қилинди

Ўзбекистон Миграция агентлиги директори Беҳзод Мусаев эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнига Япониядаги собиқ элчи Муҳсинхўжа Абдураҳмонов тайинланди. Бу ўзгариш агентлик атрофидаги бир қатор коррупцион можаролар ва меҳнат мигрантлари учун жорий этилган ноқулай шартлар фонида юз берди.
Энг муҳим янгиликлардан бири — Жанубий Кореяга E-9 визаси билан кетаётган фуқаролар билан тузиладиган шартномаларга ўзгартириш киритилди. Аввалроқ, иш жойини ўзгартирган мигрантлардан ҳар ой 2000 доллар жарима ундиришни назарда тутувчи бандлар киритилган эди. Кореялик ҳуқуқ фаоллари ушбу шартни ишчиларни иқтисодий қарамликка солувчи омил деб танқид қилган эди. Беҳзод Мусаев ишдан олинганидан кўп ўтмай, агентлик ушбу жарима ва иш жойини ўзгартириш учун олдиндан розилик олиш талабини шартномадан олиб ташлади.
Беҳзод Мусаевнинг фаолияти давомида агентлик атрофида бир қатор шов-шувлар кузатилди. Хусусан, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент агентликда 1 млрд сўмдан ортиқ маблағ талон-торож қилинганини фош этган. Шунингдек, Кореяга ишга юбориш билан боғлиқ коррупцион схемалар ва амалда ишламаган ходимларга ойлик маош ёзилгани ҳақидаги иддаолар текширилмоқда.
Бундан ташқари, Беҳзод Мусаев даврида АҚШ ва Канадага ишчи кучи юбориш бўйича эълон қилинган лойиҳалар ҳам жамоатчилик эътиборини тортган эди. Бироқ, ҳозирги кунга қадар ушбу мамлакатларга ўзбекистонлик фуқароларнинг расмий равишда ишга юборилгани ҳақида маълумотлар мавжуд эмас. Ҳозирда собиқ раҳбарнинг кейинги иш жойи ҳақида расмий хабар берилмаган.








