Тула шаҳрида мигрантлар ва тасодифий йўловчиларга ҳужум қилган ўсмирлар гуруҳи устидан суд ҳукми ўқилди. Тергов маълумотларига кўра, гуруҳ аъзолари мигрантларни ҳамда ўзлари "асоциал турмуш тарзи" кечиради деб ҳисоблаган шахсларни мунтазам равишда калтаклаб келган.
Жиноят содир этилган вақтда 15 ёшдан 18 ёшгача бўлган 4 нафар ўсмир қотиллик, жинсий зўравонлик, безорилик, босқинчилик ҳамда нафрат қўзғатиш ва инсон қадр-қимматини камситишда айбдор деб топилди. Суд қарори билан улар 4 йилдан 9,5 йилгача бўлган муддатга колонияга ҳукм қилинди.
2024-йил сентябр ойида гуруҳ аъзолари 44 ёшли ногиронлиги бўлган шахсга ҳужум уюштирган. Жабрланувчи ўсмирлардан бирини ўз уйига таклиф қилганидан сўнг, гуруҳ аъзолари уни шафқатсизларча калтаклаб, таҳқирлашган. Ўсмирлар ўз қилмишларини видеотасвирга олиб, ёпиқ каналларга жойлаштиришган. Олинган тан жароҳатлари оқибатида жабрланувчи вафот этган.
Ушбу ҳолат Россияда хорижлик фуқароларга нисбатан содир этилган жиноятларнинг олдини олиш ва ҳуқуқ-тартибот органларининг мазкур масалаларга муносабатини кўрсатади. Мигрантлар ўз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида шубҳали шахслар билан мулоқотдан тийилиш ва хавфли вазиятларда зудлик билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишлари тавсия этилади.









