Россия Давлат Думаси депутати Виталий Милонов "Радио Sputnik" эфирида миграция соҳасидаги назоратни кучайтириш ва ҳуқуқбузарлик содир этган хорижликларга нисбатан жазо чораларини қатъийлаштириш бўйича ўз таклифларини билдирди. Депутатнинг сўзларига кўра, аёлларга нисбатан шилқимлик қилган ёки бошқа ҳуқуқбузарликларга қўл урган шахсларга қарши суд жараёнлари очиқ ўтказилиши ҳамда уларнинг шахсини оммавий қоралаш чоралари кўрилиши лозим.
Виталий Милонов, шунингдек, Россия ҳудудида ишламаётган хорижий фуқароларни мамлакатдан чиқариб юбориш масаласини кўтарди. Унинг таъкидлашича, меҳнат миграцияси мақсадида келган шахслар учун иш берувчи жавобгар бўлиши керак, бироқ иш билан банд бўлмаган ва назоратсиз юрган мигрантлар ватанига қайтарилиши мақсадга мувофиқ.
Депутат миграция оқимларини назорат қилиш муҳимлигини таъкидлаб, ишсиз қолган ва кўчада мақсадсиз юрган хорижликлар ижтимоий хавфсизликка салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини қайд этди. Ушбу ташаббуслар мигрантлар учун Россия қонунчилигига риоя қилиш ва иш билан бандликни таъминлаш муҳимлигини яна бир бор эслатади.









