SOS
Жиноят

Новосибирскда ЙТҲга учраган ўзбекистонлик фуқаронинг ҳолати назоратга олинди

Новосибирскда ЙТҲга учраган ўзбекистонлик фуқаронинг ҳолати назоратга олинди

2026-йил 9-ноябр куни Новосибирск шаҳрида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Высоцкий кўчаси 42-уй яқинидаги пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган Ўзбекистон фуқароси Г.К.ни қора рангли “Жип” русумли автомобиль уриб юборган. Ҳайдовчи воқеа жойида қолиб, тез ёрдам хизматини чақирган ва жабрланувчига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилишини таъминлаган.

Воқеадан хабар топган Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги Бош консулхонаси ходимлари ҳамда Миграция агентлигининг ҳудудий вакили зудлик билан фуқаро ётқизилган 2-сонли шаҳар тез ёрдам шифохонасига ташриф буюрди. Тиббий ташхисга кўра, фуқаронинг суяклари синганлиги сабабли, уларнинг битиш даврида беморни бошқа жойга кўчириш тавсия этилмайди.

Бош консулхона томонидан мазкур ҳолат қатъий назоратга олинган. Фуқарога етказилган зарарни қоплаш ҳамда унга қонуний тартибда жабрдор мақомини бериш масаласида Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Новосибирск шаҳридаги ваколатхонасига расмий нота юборилди.

Россияда бўлиб турган ватандошларимиздан йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилиш ҳамда пиёдалар ўтиш жойларида эҳтиёткор бўлиш сўралади. Фавқулодда вазиятлар юзага келганда, ўз ҳуқуқларингизни ҳимоя қилиш учун консуллик муассасаларига мурожаат қилишингиз мумкин.

10.11.20267