Россиянинг Александров шаҳрида полиция бўлимида ходимга ҳужум қилган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Ҳодиса 2026-йил 19-октябрга ўтар кечаси содир бўлган. Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари маст ҳолатда бўлган эркакни жамоат жойидан полиция бўлимига олиб келишган.
Прокуратура маълумотларига кўра, эрталаб навбатчи камера эшигини очган вақтда ушланган шахс унга ташланиб, йиқитишга уринган. Можаро давомида у полициячининг қўлидан уч марта тишлаб, тан жароҳати етказган.
Аниқланишича, ҳужум қилган шахс Тожикистон фуқароси бўлиб, Россияда ноқонуний яшаб келган. У аввалроқ мамлакатга кириш тақиқланганига қарамай, шахсий маълумотларини ўзгартириб, янги паспорт билан қайтадан кириб келган.
Айбланувчи ўз айбига тўлиқ иқрор бўлган. Ҳозирда у ҳибсда сақланмоқда ва жиноят иши Александров шаҳар судига кўриб чиқиш учун юборилган. Суд ҳукми ижро этилгандан сўнг, ушбу шахсни Россиядан чиқариб юбориш режалаштирилган.









