Екатеринбургдаги мигрантларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди: қандай ҳолатларда консулхонага мурожаат қилиш керак?

Ўзбекистоннинг Екатеринбургдаги Бош консулхонаси ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакиллари “МонолитСтрой” МЧЖ қурилиш корхонасида меҳнат қилаётган ҳамюртларимиз билан учрашув ўтказди. Тадбир Ўзбекистон мустақиллигининг 35-йиллиги муносабати билан ташкил этилди.
Мулоқот давомида дипломатлар мигрантларга хорижда бўлиб турган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, иш жойида хавфсизлик техникаси қоидалари ҳамда меҳнат шартномаси шартларига қатъий риоя қилиш муҳимлиги таъкидланди.
Учрашувда иш берувчи томонидан ойлик маошлар кечиктирилиши ёки меҳнат ҳуқуқларининг бузилиши каби ҳолатлар юзага келса, зудлик билан Бош консулхонанинг “Call-маркази”га мурожаат қилиш зарурлиги эслатиб ўтилди. Бу каби мурожаатлар масалаларни тезкор ҳал этишда муҳим аҳамият касб этади.
Шу билан бирга, мигрантларга Россиядаги амалдаги миграция қоидаларига амал қилиш, шунингдек, фавқулодда ҳолатлар ва учувчисиз учиш аппаратлари (дронлар) ҳужуми хавфи юзага келганда шахсий хавфсизлик чораларини кўриш бўйича тегишли тавсиялар берилди.






