SOS
Депортация

Владивостокда 3 нафар ўзбекистонлик мигрант Россиядан чиқариб юборилмоқда

Владивостокда 3 нафар ўзбекистонлик мигрант Россиядан чиқариб юборилмоқда

Россиянинг Приморье ўлкаси Владивосток шаҳридаги савдо марказларидан бирида «Ноқонуний мигрант-2026» операциясининг иккинчи босқичи доирасида текширув ўтказилди. Ички ишлар бошқармаси, Федерал хавфсизлик хизмати ва Миллий гвардия ходимлари томонидан амалга оширилган рейд давомида 30 нафар хорижлик фуқаронинг ҳужжатлари текширилди.

Текширув натижасида 19 ёшдан 65 ёшгача бўлган 3 нафар Ўзбекистон фуқароси миграция қоидаларини бузганликда айбланиб, ушланди. Уларнинг барчасига нисбатан Россия Федерацияси Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексининг 18.8-моддаси 1.1-қисми бўйича баённомалар расмийлаштирилди ва жарима жазоси тайинланди.

Аниқланишича, ушланганлардан икки нафари аввал ҳам ҳуқуқ-тартибот органлари эътиборига тушган. Улар Артём шаҳридаги хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш марказига жойлаштирилган ва Россиядан мажбурий тартибда чиқариб юборилишини кутмоқда. Учинчи шахсга эса жаримадан ташқари мамлакатни мустақил равишда тарк этиш мажбурияти юклатилди.

Расмий идоралар хорижлик фуқароларни миграция қонунчилиги талабларига қатъий риоя қилишга чақирмоқда. Рейдлар давомида ҳуқуқбузарликларни аниқлаш билан бир қаторда, мигрантлар ўртасида қонунбузарликлар учун жавобгарлик бўйича тушунтириш ишлари ҳам олиб борилмоқда.

13.11.20264