Самара вилояти ИИВ Миграция масалалари бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган рейдлар натижасида миграция қонунчилигини бузиш билан боғлиқ 15 та ҳолат қайд этилди. Текширувлар асосан қурилиш объектлари ва ишлаб чиқариш цехларида амалга оширилди.
Аниқланишича, 11 нафар хорижлик фуқаро меҳнат шартномаси тузмасдан ноқонуний меҳнат фаолияти билан шуғулланган. Шунингдек, Россия ҳудудида қолиш қоидаларини бузган ва тегишли ҳужжатларсиз ишлаган яна 4 нафар хорижлик фуқаро аниқланди.
Қонунбузарлик содир этган ушбу 4 нафар шахсга нисбатан Россия Федерацияси Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексининг 18.10-моддаси 1-қисми ҳамда 18.8-моддаси 1.1-қисми бўйича маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. Суд қарорига кўра, уларни Россия Федерацияси ҳудудидан мажбурий чиқариб юбориш (депортация) чоралари кўрилмоқда.
Бундан ташқари, ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ноқонуний миграцияни ташкил этиш ҳолати бўйича ҳам текширув материаллари тўпланди. Миграция қонунчилигига риоя этилишини назорат қилиш бўйича рейдлар давом эттирилмоқда.









