Приморье ўлкасининг Пожарск округида ўрмон ҳудудида ноқонуний дарахт кесиш ва кедр ёнғоғини йиғиш билан шуғулланган 12 нафар хорижий фуқаро полиция томонидан қўлга олинди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва ўрмон хўжалиги мутахассислари томонидан ўтказилган рейд давомида давлат ўрмон фонди ерларида ташкил этилган ноқонуний лагерь аниқланди.
Текширув натижаларига кўра, ушбу шахслар ясен, илм, жўка, чинор ва сариқ қайин дарахтларини рухсатсиз кесган. Россия Федерацияси ўрмон фондига етказилган зарар миқдори 76 869 рублни ташкил этади. Қўлга олинган фуқаролар Россия ИИВнинг «Пожарский» бўлимига олиб келиниб, уларнинг шахсига аниқлик киритилди ва дактилоскопия текшируви ўтказилди.
Полиция ходимлари томонидан ушбу шахсларга нисбатан Россия Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексининг 18.8-моддаси 2-қисми билан баённомалар тузилди. Ушбу модда хорижий фуқароларнинг Россияга кириш мақсадига мос келмайдиган фаолият билан шуғулланганини англатади. Қонунчиликка кўра, мазкур ҳуқуқбузарлик 5 минг рублгача жарима ҳамда Россия Федерацияси ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юбориш (депортация) билан жазоланади.
Ҳозирда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан экологик жиноят фактлари бўйича қўшимча текширувлар давом эттирилмоқда. Текширув якунларига кўра, ушбу шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатиш масаласи кўриб чиқилади.









