Россиянинг Приморье ўлкасида «Ноқонуний мигрант – 2026» комплекс тезкор-профилактика тадбирининг иккинчи босқичи якунланди. Рейдлар қишлоқ хўжалиги, транспорт, қурилиш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида, шунингдек, хорижликлар кўп тўпланадиган жойларда ўтказилди. Текширувлар давомида мигрантларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари ва Россияда бўлиш қонунийлиги текширилиб, бармоқ излари олинди.
Приморье ўлкаси ИИВ полиция бошлиғи Алексей Поповнинг маълум қилишича, операция давомида миграция соҳасида 548 та қоидабузарлик қайд этилган. Бу кўрсаткич жорий йилнинг июнь ойида ўтказилган биринчи босқичга нисбатан 32 фоизга кўпдир. Хусусан, 317 киши Россияга кириш ёки у ерда бўлиш қоидаларини бузгани (РФ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 18.8-моддаси) учун жавобгарликка тортилган. Шунингдек, 89 нафар хорижлик ноқонуний меҳнат фаолияти билан шуғуллангани аниқланган.
Текширувлар натижасида 173 нафар хорижлик фуқарони Россиядан маъмурий йўл билан чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилинди. Улардан 89 нафари мустақил равишда чиқиб кетиши керак бўлса, 84 нафари мажбурий тартибда чиқариб юборилади ва вақтинчалик сақлаш марказига жойлаштирилади. Бундан ташқари, хорижликларга нисбатан Россияга киришни тақиқлаш бўйича қарорлар сони 73 фоизга ошиб, 346 тани ташкил этди.
Қоидабузарликларга йўл қўйган 61 нафар тадбиркор ҳам хорижликларни ноқонуний ишга жалб қилгани учун (18.15-модда) йирик жарималарга тортилди. Полиция хорижлик фуқароларни Россия миграция қонунчилиги талабларига қатъий риоя қилишга чақирмоқда. Қонунбузарликлар ҳақида хабар бериш учун Приморье ўлкаси ИИВнинг 8 (423) 240 10 00 ишонч телефонига мурожаат қилиш мумкин.









