Красногорск шаҳрида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан миграция қонунчилигига риоя этилишини текшириш бўйича рейд ўтказилди. Текширувлар қурилиш объектлари ҳамда хорижлик фуқаролар яшайдиган манзилларда амалга оширилди. Тадбирда ИИВнинг экстремизмга қарши курашиш маркази ходимлари, Росгвардия ҳамда халқ дружиналари иштирок этди.
Рейд натижаларига кўра, миграция қоидаларини бузган 51 нафар хорижлик фуқаро полиция бўлимига олиб кетилди. Уларнинг 35 нафари Россияга кириш тартиби ёки бўлиш режими қоидаларини бузганлиги аниқланди. Ушбу шахсларга нисбатан Россия Федерацияси Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексининг 18.8-моддаси 3.1-қисми бўйича баённомалар расмийлаштирилди. Ушбу модда қоидабузарларни мамлакат ҳудудидан чиқариб юборишни назарда тутади.
Шунингдек, яна 16 нафар хорижлик фуқаро Россия Федерацияси Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексининг 18.8-моддаси 3-қисми бўйича маъмурий жавобгарликка тортилди. Расмийларнинг таъкидлашича, бундай текширувлар ҳудудда миграция қонунчилигига риоя этилишини назорат қилиш ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш мақсадида мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.









