Россия ИИВнинг Ахборот-коммуникация технологияларидан ноқонуний фойдаланишга қарши курашиш бошқармаси (УБК) Telegram мессенжери фойдаланувчилари учун янги фирибгарлик схемаси тарқалганини маълум қилди. Жиноятчилар байрамлар арафасида совға сифатида «Telegram Premium» обунасини таклиф қилиш орқали шахсий аккаунтларни ўғирламоқда.
Фирибгарлар нотаниш рақамлар ёки бузиб кирилган танишлар профили орқали хабар юборишади. Хабарда гўёки совға қилинган обуна ҳақида билдиришнома ва унга бириктирилган QR-код ёки ҳавола мавжуд бўлади. Фойдаланувчи ушбу ҳаволага ўтиб, телефон рақами ва тасдиқлаш кодини киритиши билан фирибгарлар унинг аккаунтига кириш ҳуқуқини қўлга киритади. Натижада, жиноятчилар фойдаланувчининг барча фаол сеансларини ёпиб, унинг контактларига фирибгарлик хабарларини тарқатишни бошлайди.
Мутахассислар бундай хабарларга нисбатан ҳушёр бўлишни ва рақамли гигиена қоидаларига риоя қилишни тавсия этмоқда. Хусусан, номаълум манбалардан келган совға таклифлари бўйича ҳаволаларга ўтмаслик, QR-кодларни сканерламаслик ҳамда бегона сайтларда тасдиқлаш кодларини киритмаслик сўралади.
ИИВ вакилларининг таъкидлашича, ҳатто хабар таниш одамдан келган бўлса ҳам, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш учун эҳтиёткорликни сақлаш зарур. Агар сизга шубҳали таклиф келиб тушса, уни дарҳол ўчириб ташлаш ва хабарни юборган шахс билан бошқа алоқа каналлари орқали боғланиб, вазиятни аниқлаштириш тавсия этилади.









