Россия Меҳнат вазирлиги Татаристон ҳудудида хорижлик ишчилар фаолиятини чеклаш бўйича янги лойиҳани тайёрламоқда. Унга кўра, такси хизмати, хавфли юкларни ташиш, молия ва суғурта, ветеринария ҳамда компьютер ва маиший техникани таъмирлаш соҳаларида хорижлик ишчилар улушини нолга тушириш кўзда тутилган.
Таъкидлаш жоизки, ушбу тақиқлар Татаристонда янгилик эмас. Республикада патент асосида ишлаётган хорижликлар учун такси ва бошқа қатор соҳаларда ишлаш 2025-йилдан буён маҳаллий фармон билан тақиқланган эди. Ҳозирги жараён республика қоидаларини федерал ҳужжатга мослаштиришдан иборат.
Ушбу чекловлар яшаш гувоҳномаси (ВНЖ), вақтинча яшаш рухсатномаси (РВП)га эга бўлган шахсларга ҳамда юқори малакали мутахассисларга нисбатан татбиқ этилмайди. Қолган тоифадаги мигрантлар учун эса мазкур соҳаларда ишлаш тақиқланганлигича қолади.
Мутахассисларнинг фикрича, ҳайдовчилар сонининг камайиши такси хизматлари нархининг ошишига ва машина кутиш вақтининг узайишига олиб келиши мумкин. Вазиятни юмшатиш мақсадида Россия Транспорт вазирлиги 2026-йил февралидан буён шахсий автомобилларда ишлаш учун соддалаштирилган тартибни жорий этиш бўйича қонун лойиҳаси устида ишланмоқда.









