2026-йилнинг январ-сентябр ойлари давомида Россияга ишлаш мақсадида кириб келган хорижликлар орасида Ўзбекистон фуқаролари биринчи ўринни эгаллади. Расмий маълумотларга кўра, ушбу даврда 1 535 026 нафар ўзбекистонлик Россия чегарасини кесиб ўтган. Ўтган йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 1 771 406 нафарни ташкил этган эди, яъни жорий йилда мигрантлар сони 236 380 нафарга ёки тахминан 13,3 фоизга камайган.
Меҳнат муҳожирлари сони бўйича етакчи давлатлар рўйхатида Тожикистон (665 892 нафар) иккинчи, Қирғизистон (289 061 нафар) учинчи ўринни эгаллади. Шунингдек, бешликка Қозоғистон (176 037 нафар) ва Хитой (127 176 нафар) кирди. Рўйхатнинг кейинги ўринларидан Арманистон, Озарбайжон, Ҳиндистон, Туркманистон ва Туркия фуқаролари жой олган.
Россия Хавфсизлик кенгаши маълумотларига кўра, жорий йилнинг тўққиз ойи давомида хорижликларга нисбатан 1,8 миллионга яқин маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомаси тузилган. Шу вақт оралиғида 143,1 минг нафар чет эл фуқаросини мамлакатдан чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилинган, 4,8 минг киши эса мажбурий тартибда депортация қилинган.
Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 1-октябр ҳолатига кўра Россияда 6,5 миллионга яқин хорижлик бўлган. Шу билан бирга, расман меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган мигрантлар улуши ўтган йилга нисбатан 45 фоиздан 50 фоизгача ошган.









