Россия Давлат Думасига банк операцияларини чеклашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси киритилди. Агар ҳужжат қабул қилинса, янги қоидалар 2028-йил 1-мартдан кучга киради. Ушбу чора банклар томонидан шубҳали деб топилган мижозларга нисбатан қўлланилади.
Қонун лойиҳасига кўра, шубҳали операцияларни аниқлаш Россия Марказий банки ва Росфинмониторинг томонидан амалга оширилади. Агар мижознинг ҳаракатлари шубҳали деб топилса, банклар мижозга нисбатан икки турдаги чекловни жорий этишга мажбур бўлади: банк ҳисоб рақамлари ва электрон ҳамёнларга нақд пул киритиш ҳамда бошқа шахслардан пул ўтказмаларини қабул қилиш ойига 30 минг рублдан ошмаслиги керак.
Чекловлар муддати банк томонидан мустақил белгиланади ва максимал бир йилни ташкил этади. Агар мижоз чеклов олиб ташланганидан кейин уч йил ичида қайта шубҳали операцияларда гумон қилинса, лимитлар икки йил муддатга ўрнатилади. Мижоз ушбу чекловни четлаб ўтиш учун ҳисоб рақамини ёпиб, ўша банкда янгисини очиш имконига эга бўлмайди.
Банк мижозга чеклов сабаби ва муддати ҳақида кейинги иш кунидан кечиктирмай хабар бериши шарт. Мижоз ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун банкка операцияларнинг қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиб, қарор устидан шикоят қилиши мумкин. Банк мурожаатни етти иш куни ичида кўриб чиқади. Агар чекловлар бекор қилинмаса, мижоз судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.









