22-октябр куни Россия Давлат Думаси миграция соҳасига оид олтита қонун лойиҳасини кўриб чиқиб, уларни рад этди. Ушбу ташаббуслар қабул қилинган тақдирда, Россияда ишлаётган хорижлик фуқаролар ва уларни ишга олувчи корхоналар учун тартиблар сезиларли даражада ўзгариши мумкин эди.
Рад этилган лойиҳалар орасида патент тизимини бекор қилиб, фақат уюшган ҳолда ишга жалб қилиш (оргнабор) моделига ўтиш таклифи ҳам бор эди. Шунингдек, визасиз бўлиш муддатини бир йил ичида 90 кундан 30 кунгача қисқартириш, хорижликларни раҳбарлик лавозимларига тайинлашга чекловлар қўйиш ҳамда миграция ҳисобига олишда минтақавий чекловлар жорий этиш каби ташаббуслар ҳам қўллаб-қувватланмади.
Бундан ташқари, депутатлар иш берувчилар устидан назоратни кучайтириш, хусусан, қоидабузарлик қилган компанияларни давлат харидларидан четлатиш таклифини рад этишди. Шунингдек, тиббий суғурта полисини (ДМС ёки ОМС) мажбурий қилиш ва унинг йўқлиги учун депортация чорасини қўллаш бўйича киритилган қонун лойиҳаси ҳам қабул қилинмади.
Ушбу қарор натижасида Россиядаги хорижлик меҳнат мигрантлари учун ҳозирги кунда амалда бўлган миграция қоидалари ва ишлаш тартиби ўзгаришсиз қолмоқда. Мигрантлар аввалги тартибда патент асосида фаолият юритишлари ва белгиланган муддатларда мамлакатда бўлишлари мумкин.









