SOS
Сиёсат

Россияда мигрантлар учун ID-карталар жорий этилади: янги тўловлар ва талаблар

Россияда мигрантлар учун ID-карталар жорий этилади: янги тўловлар ва талаблар

Россияда меҳнат миграцияси тизимини ўзгартиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар бошланиши 2027-йил 1-мартга белгиланди. Дастлаб 2027-йил 1-январдан кучга кириши режалаштирилган ушбу ўзгаришлар доирасида анъанавий меҳнат патентлари ўрнига махсус идентификация карталари (ID-карталар) жорий этилади. Барча маълумотлар Россия ИИВнинг янги рақамли реестрларига киритиб борилади.

Ислоҳот доирасида мигрантлар учун қўшимча мақсадли йиғимлар жорий қилинмоқда. Жумладан, визасиз мамлакатлар фуқаролари учун реестрга киритилиш тўлови 3 000 рубл, виза асосида келганлар учун эса 8 000 рублни ташкил этади. Шунингдек, иш ҳудудини ўзгартириш учун 10 000 рубл, ташриф мақсадини ўзгартириш учун эса 30 000 рубл миқдорида йиғим тўлаш талаб этилади.

Иш берувчилар учун ҳам қатор янги мажбуриятлар юкланмоқда. Компаниялар хорижлик ходимларнинг сони, иш ўрни ва шароитларини олдиндан белгилаб қўйиши шарт. Меҳнат шартномалари қатъий бир йил муддатга тузилади. Агар компания штатида 15 нафардан ортиқ хорижлик ишчи бўлса, иш берувчи уларни турар жой билан таъминлаши мажбурий ҳисобланади. Шунингдек, иш берувчилар хорижлик ходимларнинг геномик рўйхатдан ўтиши ва тиббий хизмат харажатларини қоплашлари керак.

Бундан ташқари, хорижлик ходим депортация қилинган тақдирда, давлат томонидан қилинган харажатларни қоплаш мажбурияти ҳам иш берувчи зиммасига юкланади. Жисмоний шахсларга эса кўпи билан беш нафар мигрантни ёллашга рухсат берилади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ислоҳот муддатининг кўчирилиши норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш ва рақамли инфратузилмани синовдан ўтказиш зарурати билан боғлиқ.

05.11.202618