Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда ва айрим ахборот манбаларида «Россияга COVID-19’нинг янги хавфли штамми кириб келмоқда, одамлар ниқоб тақишга чақирилмоқда, эмланмаганлар эса жаримага тортилади» мазмунидаги хабарлар кенг тарқалиб, жамоатчилик орасида турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Хўш, бу хабарлар қанчалик ҳақиқатга яқин? Расмий манбалар ва мутахассислар бу борада нима дейди?
1. Янги «PJ.2.1» штамми ҳақиқатан ҳам борми? Ҳа. Вирусологларнинг маълумотига кўра, 2026-йилнинг май ойида Канадада аниқланган ва кейинчалик АҚШ ҳамда Испанияда қайд этилган PJ.2.1 («ултрамутант») штамми Россия ҳудудига ҳам кириб келиши эҳтимоли мавжуд. Бироқ Роспотребнадзор ва соғлиқни сақлаш мутахассислари бу вируснинг навбатдаги мавсумий мутацияси эканини, ҳозирча фавқулодда эпидемиологик хавф ёки янги пандемия тўлқини эълон қилинмаганини таъкидламоқда.
2. Мажбурий ниқоб режими қайтдими? Йўқ. Бутун Россия бўйлаб мажбурий ниқоб тақиш тартиби жорий этилмаган. Куз-қиш мавсумида ЎРВИ, грипп ва коронавирус ҳолатлари кўпайиши муносабати билан шифокорлар фақатгина одамлар гавжум жойларда, жамоат транспортида ниқоб тақишни тавсия қилмоқда. Мажбурий чекловлар фақат айрим ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларида локал даражада қўлланилиши мумкин.
3. Эмланишдан бош тортганлар жаримага тортиладими? Йўқ, бундай қонун ёки расмий қарор мавжуд эмас. Тарқалган шов-шувли хабар Свердловск вилояти вакцинопрофилактика бўлими мудираси Элвира Рибинскованинг шахсий таклифидан келиб чиққан. У ота-оналар ва ёшлар орасида эмланишдан бош тортиш ҳолатлари кўпайганини танқид қилиб, жарима қўллаш ғоясини илгари сурган, холос. Бу таклиф қонунчилик даражасида кўриб чиқилмаган ва амалда ҳеч қандай жарима қўлланилмайди.
Хулоса Россияда умумий карантин, мажбурий ниқоб режими ёки эмланмаган фуқаролар учун жарималар жорий этилмаган. Тармоқларда тарқалаётган ваҳимали сарлавҳалар расмий қарор эмас, балки мутахассисларнинг тавсия ва шахсий фикрлари асосида тайёрланган материалларнинг нотўғри талқинидир.
Маълумот учун: Россияда бўлиб турган ҳамюртларимиздан фақат расмий манбаларга (Роспотребнадзор ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги) таянишни ҳамда мавсумий касалликлардан ҳимояланиш учун шахсий гигиена қоидаларига амал қилишни сўраб қоламиз.









