Россия Федерациясида миграция сиёсатини янада қатъийлаштириш ва қонунбузарларни фуқароликдан маҳрум қилиш механизмларини фаоллаштириш масалалари кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда «Говорит Москва» радиостанцияси эфирида ГУАЖ Тадбиркорлик ва ҳуқуқ технологиялари институти директори ўринбосари, РАНХиГС доценти Сергей Андрейсо маълум қилди.
Экспертнинг фикрича, ҳозирги кунда Россия паспортини олаётган шахсларнинг интеграция даражаси, хусусан, рус тилини етарли даражада билмаслик сабабли пастлигича қолмоқда. Шу боис, қонунбузарлик содир этган мигрантларни олинган фуқароликдан маҳрум қилиш бўйича қарорлар сонини ошириш учун ҳуқуқий воситалар шакллантирилмоқда.
Мутахассиснинг таъкидлашича, мамлакат олдида турган меҳнат бозори ва демографик муаммоларни ҳал қилишда миграция сиёсатининг мақсадларини қайта кўриб чиқиш талаб этилади. Келгусида Россия фуқаролигини олишга даъвогар шахсларнинг интеграция даражасига янада жиддийроқ эътибор қаратилиши кутилмоқда.
Ушбу ўзгаришлар мигрантлардан қонун ҳужжатларига қатъий риоя қилишни ва давлат томонидан белгиланган интеграция талабларини, шу жумладан тил билиш даражасини оширишни талаб қилиши мумкин. Фуқаролиги бўлган шахслар учун ҳуқуқбузарликлар келгусида паспортдан маҳрум бўлиш хавфини келтириб чиқариши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилмоқда.









