SOS
Сиёсат

Миграциядан қайтганлар учун янги иш ўринлари яратиш вазифаси қўйилди

Миграциядан қайтганлар учун янги иш ўринлари яратиш вазифаси қўйилди

Бухоро вилоятига ташрифи чоғида Президент Шавкат Мирзиёев ҳудуд иқтисодиёти ва аҳоли турмуш даражасини яхшилаш масалаларига тўхталди. Йиғилишда вилоят иқтисодиёти 100 триллион сўмлик маррадан ошгани ва 10,1 фоиз ўсиш кузатилгани қайд этилди. Шунга қарамай, ҳудудда ижтимоий-иқтисодий муаммолар ҳамон сақланиб қолмоқда.

Статистик маълумотларга кўра, Бухоро вилоятидан 99 минг нафар фуқаро меҳнат миграциясида юрибди. Хориждан қайтган 24 минг киши эса ҳали ҳам иш билан таъминланмаган. Шунингдек, вилоят бўйича ишсизлар сони 40 мингга яқинни ташкил этади, 270 минг нафар аҳолининг даромади эса ўртача кўрсаткичдан паст даражада қолмоқда.

Давлат раҳбари ҳудудлардаги иқтисодий кўрсаткичлар ва камбағалликни қисқартириш бўйича ҳисоботларга танқидий ёндашиш зарурлигини таъкидлади. “Бундан буён “камбағал оила қолмади” деган ҳисобот ўтмайди”, — деди Президент. Бу ўзгаришлар ҳудудда ҳақиқий даромад манбаларини яратишни талаб қилади.

Масъул раҳбарларга хорижда паст маош эвазига ишлаётган ватандошларни касб-ҳунарга ўқитиш ва уларни юқори даромадли иш ўринлари билан таъминлаш топшириғи берилди. Шунингдек, даромади ўртача кўрсаткичдан паст бўлган 270 минг нафар аҳолини қўллаб-қувватлаш бўйича туманлар кесимида аниқ режа ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.

04.11.20267