SOS
Ҳужжатлар

Сохта рўйхатдан ўтган мигрантлар: уй эгаси жаримага тортилди, хорижликлар мақоми бекор қилиниши мумкин

Сохта рўйхатдан ўтган мигрантлар: уй эгаси жаримага тортилди, хорижликлар мақоми бекор қилиниши мумкин

Россиянинг Жигулевск шаҳрида 29 ёшли маҳаллий фуқаро миграция қонунчилигини бузганликда айбдор деб топилди. Тергов маълумотларига кўра, аёл жорий йилнинг февралидан апрель ойигача бўлган даврда ўзига тегишли хонадонга олти нафар хорижлик фуқарони ҳақиқатда яшаш жойи билан таъминлаш ниятисиз рўйхатдан ўтказган.

Россия ИИВнинг Жигулевск шаҳри бўйича бўлими ходимлари томонидан аниқланган ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Аёл аввалроқ миграция қоидалари бузилган тақдирда жавобгарлик муқаррар эканлиги ҳақида огоҳлантирилган бўлишига қарамай, қонунбузарликка йўл қўйган. Суд жараёнида айбланувчи ўз айбига иқрор бўлган.

Жигулевск шаҳар суди тўпланган далилларни етарли деб топиб, аёлга нисбатан Россия Жиноят кодексининг 322.3-моддаси бўйича 150 минг рубль миқдорида жарима жазосини тайинлади. Ҳукм қонуний кучга кирди.

Ушбу ҳолат мигрантлар учун муҳим огоҳлантириш бўлиб хизмат қилади: яшаш жойи бўйича ҳақиқий манзилга эга бўлмасдан, фақат ҳужжатларда рўйхатдан ўтиш (сохта регистрация) қонунга зид ҳисобланади. Бундай рўйхатга олиш аниқланганда, нафақат уй эгаси жазоланади, балки хорижлик фуқаронинг миграция ҳисобидаги маълумотлари бекор қилиниши ва бу унинг Россиядаги ҳуқуқий мақомига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

06.09.20261