РВПга эга мигрантлар “Амина” иловаси орқали рўйхатдан ўтиши шартми?

Россияда вақтинча яшаш рухсатномаси (РВП)га эга бўлган мигрантлар орасида “Амина” мобил иловаси орқали миграция ҳисобига туриш зарурати ҳақида саволлар кўпаймоқда. Мутахассислар ушбу иловадан фойдаланиш кимлар учун мажбурий эканлигини тушунтириб ўтдилар.
“Амина” иловаси фақат Россияга визасиз тартибда кириб келган ва Москва ёки Москва вилоятида 90 суткадан ортиқ вақт давомида “вақтинча бўлиб турган” (vremenno prebyvayushiy) мақомидаги чет эл фуқаролари учун мўлжалланган. РВПга эга бўлган шахс эса “вақтинча яшовчи” (vremenno prozhivayushiy) мақомига эга ҳисобланади.
Шу сабабли, РВПга эга мигрантлар “Амина” иловасидан фойдаланмасликлари керак. Уларга нисбатан “Миграция ҳисоби тўғрисида”ги 109-ФЗ-сонли Федерал қонун талаблари татбиқ этилади. Рўйхатдан ўтиш муддати аввалгидек, анъанавий усулда узайтирилиши лозим.
Эслатиб ўтамиз, РВПга эга бўлган чет эл фуқаролари миграция ҳисобига туриш билан бир қаторда, яшаш жойи бўйича доимий рўйхатдан ўтиш ҳуқуқига ҳам эгадирлар.








