Россияда қариндошлар учун вақтинчалик бўлиш муддатини қандай узайтириш мумкин?

Россия миграция қонунчилигига кўра, мамлакатда вақтинча бўлиб турган хорижликлар ўз яқин қариндошлари орқали қолиш муддатини узайтириш ҳуқуқига эга. Бу имконият икки асосий тоифадаги шахслар учун амал қилади.
Биринчи тоифа – Россия фуқаролари ёки яшаш гувоҳномасига (ВНЖ) эга шахсларнинг яқинлари. Бунга турмуш ўртоқлар, фарзандлар, ота-оналар, бобо-бувилар ва набиралар киради. Бунда визасиз тартибдаги давлат фуқароси бўлган қариндошнинг Россияда доимий рўйхатдан ўтганлиги (паспорт ёки ВНЖдаги штамп) талаб этилади. Муддат кириб келган санадан бошлаб 1 йилга узайтирилади ва буни бир неча бор амалга ошириш мумкин. Муҳими, қариндошлар бир манзилда ёки бир ҳудудда яшаши шарт эмас.
Иккинчи тоифа – Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) мамлакатлари (Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон) фуқаролари билан ишлайдиган шахсларнинг оила аъзолари. Бу рўйхатга фақат турмуш ўртоқлар, фарзандлар ва ота-оналар киради (бобо-бувилар ва набиралар кирмайди). Узайтириш муддати қариндошнинг меҳнат шартномаси амал қилиш муддатига боғлиқ. Агар шартнома муддатсиз бўлса, рухсат 1 йилгача берилади.
Ушбу қоидалар мигрантларга оила аъзолари билан бирга бўлиш имконини беради. Ҳар бир ҳолатда ҳужжатларни расмийлаштиришда белгиланган муддатларга риоя қилиш ва тегишли миграция органларига ўз вақтида мурожаат қилиш талаб этилади.








