Россия фуқаролигини олишда қандай хатолар рад жавобига ёки паспортдан маҳрум бўлишга олиб келади?

Россия Ички ишлар вазирлиги фуқаролик олиш жараёнида қонуний асосларга қатъий риоя этилишини назорат қилмоқда. Жорий йилнинг дастлабки етти ойи якунларига кўра, фуқаролик олиш учун топширилган аризаларни рад этиш ҳолатлари 10 фоизга ошган. Рад этишларнинг 65 фоиздан ортиғи сохта, қалбакилаштирилган ҳужжатларни тақдим этиш ёки нотўғри маълумотлар бериш билан боғлиқ.
Шунингдек, Россия фуқаролигини олган шахсларга нисбатан ҳам назорат кучайтирилган. Ҳисобот даврида мингдан ортиқ киши мажбурий тартибда фуқароликдан маҳрум қилинган. Бунга суд томонидан белгиланган жиноятлар (72 фоиз), ҳарбий ҳисобга ўз вақтида турмаслик (11 фоиз), миллий хавфсизликка таҳдид солувчи хатти-ҳаракатлар (10 фоиз) ҳамда ҳужжатларнинг сохталиги аниқланиши (7 фоиз) асос бўлган.
Мутахассислар эслатишича, нотўғри маълумотлар тақдим этиш ҳолати нафақат ариза кўриб чиқилаётган босқичда, балки фуқаролик олингандан кейин ҳам аниқланиши мумкин. Ҳар икки ҳолатда ҳам қонунчиликда белгиланган жиддий ҳуқуқий оқибатлар юзага келади.
Фуқаролик олишни режалаштирган ёки аллақачон Россия паспортига эга бўлган шахслар тақдим этилаётган маълумотларнинг тўғрилигига ва қонуний мажбуриятларнинг бажарилишига алоҳида эътибор қаратишлари тавсия этилади.








