ЛДПР Давлат Думасига мигрантлар оиласини Россияга олиб келишни тақиқловчи қонун лойиҳасини киритди

Россия Либерал-демократик партияси (ЛДПР) вакилларининг таъкидлашича, Россия постсовет ҳудудидаги миграция оқимларининг асосий жозиба марказларидан бири бўлиб қолмоқда. Шу билан бирга, чет эллик ишчиларнинг мутлақ кўпчилиги профессионал тайёргарликка юқори талаблар қўйилмайдиган соҳаларда банд бўлган паст малакали шахслардир. Мигрантлар, одатда, ўзлари билан бирга оила аъзоларини ҳам олиб келишади, улар эса Россияда яшайди, лекин ишламайди.
Партия раҳбари Леонид Слуцкий қуйидагича фикр билдирди:
— “ЛДПР мигрантларга ўзларининг кўп сонли оилаларини Россияга олиб келишни тақиқлашни қатъий талаб қилади. Мамлакатимизга келаётганларнинг назоратсиз оқимини тўхтатиш зарур — бюджет маблағлари бегона оилаларнинг чўнтагига кетмасдан, Россия фуқаролари учун хизмат қилиши керак”.
Бундай ҳолат миграция оқимларининг нафақат меҳнат фаолиятига, балки ижтимоий тўловларни олишга ҳам йўналтирилишига олиб келади, бу эса барча даражадаги бюджетларга қўшимча юклама ҳосил қилади.
Қонун лойиҳасининг тушунтириш хатида шундай дейилган:
— “Қонун лойиҳаси ноқонуний миграцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилган бўлиб, чет эл фуқароларига мамлакатда бўлиш учун мустақил қонуний асосга эга бўлмаган оила аъзоларисиз, фақат қонуний асосда меҳнат мажбуриятларини бажариш даврида Россия Федерацияси ҳудудида бўлишларига рухсат беришни кўзда тутади”.








