SOS
Ҳужжатлар

Россияда қалбаки ҳужжатлар билан қолган 75 нафар мигрант иши бўйича суд ҳукми чиқди

Россияда қалбаки ҳужжатлар билан қолган 75 нафар мигрант иши бўйича суд ҳукми чиқди

Ямал-Ненец автоном округидаги “Салехарддорстрой” компаниясининг собиқ директори Ренат Дерябин мигрантларга Россияда қонуний асосларсиз қолиш имконини берувчи қалбаки ҳужжатлар тайёрлагани учун озодликдан маҳрум этилди. Тергов маълумотларига кўра, у 2018-йилдан 2026-йилнинг февралигача бўлган даврда камида 75 нафар хорижлик фуқаро учун қалбаки солиқ декларациялари ва хабарномаларни расмийлаштириб берган.

Суд материалларида қайд этилишича, ушбу хизматлар учун мигрантлар ўртача 4 минг рубль тўлаган. Дерябиннинг банк ҳисоб рақамига хорижликлар томонидан жами 583,6 минг рубль миқдорида 167 та пул ўтказмаси амалга оширилган. Қалбаки ҳужжатлардан асосан расмий иш жойига эга бўлмаган Ўзбекистон, Тожикистон ва Арманистон фуқаролари фойдалангани аниқланган.

Собиқ раҳбар ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, прокуратура билан ҳамкорлик қилган. У ўз ҳаракатларини жиноят деб ҳисобламаганини ва ноқонуний миграцияни ташкил этишни мақсад қилмаганини билдирган. Шунга қарамай, суд уни қалбаки ҳужжатлар тайёрлагани учун колонияга жўнатиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Таъкидлаш жоизки, суд жараёнида Дерябиннинг фаолиятига ижобий тавсифномалар берилган, жумладан, Салехард шаҳри мэри Алексей Титовский ҳам унинг номзодини қўллаб-қувватлаган. Шунингдек, судланувчи тергов давомида маҳаллий бюджет маблағларини ўзлаштириш билан боғлиқ бошқа ҳолатлар бўйича ҳам кўрсатмалар берган.

10.11.20265