Россиянинг Приморье ўлкаси Артьом шаҳрида миграция масалалари бўлими учун янги бино фойдаланишга топширилди. Аввалги, Дзержинский кўчаси, 37-уй манзилида жойлашган бино авария ҳолатида деб топилгани сабабли, хизмат кўрсатиш сифати ва шароитлари бўйича эътирозлар мавжуд эди.
Эндиликда миграция бўлими Артьом шаҳри, Киров кўчаси, 31-уй манзилида жойлашган янги маъмурий бинода фуқароларни қабул қилмоқда. Бино 2026-йилнинг IV чораги бошига қадар таъмирланиб, зарур техник воситалар, жумладан, кондиционерлар, видеокузатув ва ёнғин хавфсизлиги тизимлари билан жиҳозланди.
Маълум қилинишича, ҳозирги вақтда қабул жараёнлари бинонинг иккинчи қаватида амалга оширилмоқда. Биринчи қаватда эса ногиронлиги бўлган шахслар учун қулайликлар яратиш ишлари давом эттирилмоқда, хусусан, ногиронлар аравачаси учун пандус тайёр ҳолга келтирилган.
Приморье ўлкаси ИИВ вакилларининг таъкидлашича, миграция хизматлари сифатини ошириш мақсадида минтақадаги элликдан ортиқ бўлим ва постларни босқичма-босқич янгилаш режалаштирилган. Жорий йилда шунингдек, Уссурийск шаҳридаги миграция бўлимининг қабул зали ҳам реконструкция қилинган.









